“Хўжа Насриддиннинг ғаройиб латифалари” китоби тақдимоти

Ўқиш вақти: 5 мин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси “Хўжа Насриддиннинг ғаройиб латифалари” китобини тақдим этади.

11 февраль куни Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театрида “Хўжа Насриддиннинг ғаройиб латифалари” китобининг тақдимоти ва тифлоизоҳлаш усули қўлланиладиган
“Оҳ, бу Насриддин” спектаклининг премьераси бўлиб ўтади.

Хўжа Насриддин – Ўрта Осиё халқларининг, шунингдек, Яқин Шарқ ва Кавказ халқларининг фольклор персонажи, ҳажвий ва сатирик ҳикоялар, латифа ва эртаклар қаҳрамони бўлиб, унинг латифалари замонавий Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросининг ажралмас қисми ҳисобланади. Хўжа Насриддиннинг ҳикоялари сирли донолик ва халқчил ҳажвия билан турли кўринишларда асрлар давомида оғиздан оғизга ўтиб келмоқда, унинг оддий одамларга кўрсатаётган меҳри ва ёрдами туфайли
каттаю-кичикнинг севимли қаҳрамонига айланиб улгурган.

“Хўжа Насриддиннинг ғаройиб латифалари” болалар китоби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (Жамғарма) ва Германиянинг Cultur-Сooperation International e.V компаниясининг Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги кўмагида Ўзбекистоннинг маданияти ва санъатини хорижда оммалаштиришга қаратилган ҳамкорликдаги ишларининг натижаси бўлиб, Германиянинг Peacock Verlag Berlin нашриёти томонидан 2019 йил ноябрь ойида нашр қилинган эди.

Ўзбек ва хорижий тилларда, шу жумладан рус, немис ва инглиз тилларида нашр этилган Хўжа Насриддиннинг 40 та ҳикояларини ўз ичига олган китобнинг асосий хусусияти шундаки, у Ўзбекистон ва Германиядаги мактабгача таълим муассасалари болаларининг бевосита иштирокида яратилди, яъни китобдаги ҳикояларнинг иллюстрацияси учун айнан уларнинг расмларидан фойдаланилди.

Эслатиб ўтиш жоиз, бундан аввалроқ фойдаланилган иллюстрацияларни танлаш учун Жамғарма томонидан Мактабгача таълим вазирлиги ва Берлин мактабгача таълим муассасалари синдикати билан ҳамкорликда халқаро танлов ташкил этилган эди.

Мазкур китобга таниқли ўзбек ва немис актёрлари томонидан айтилган ҳикояларнинг кўповозли   аудио ёзуви ёзилган CD-диск ҳам илова қилиниши натижасида кўзи ожиз ва кўриш қобилияти суст бўлган болалар учун ҳам қулайликлар яратилди.

Шу билан биргаликда “Хўжа Насриддиннинг ғаройиб латифалари” китобининг тақдимоти доирасида халқаро танлов натижаларига кўра танлаб олинган болалар расмларининг тактил моделлари кўргазмаси ҳам ташкил этилади. Шунингдек, болалар учун маҳорат дарслари ва кўнгилочар дастурлар ўтказилади.
Тақдимот “Кўнгил кўзи” лойиҳаси кўмагида тайёрланган бўлиб, тақдимотдан сўнг
“Оҳ, бу Насриддин” қўғирчоқ спектаклининг премьераси тифлошарҳлаш усулидан  фойдаланган ҳолда намоийш этилади.

2020 йил 12 ва 13 февраль кунлари ўтказиладиган “Оҳ, бу Насриддин” спектакли, кўргазма ва маҳорат дарсларида 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган 500 нафардан ортиқ болаларнинг иштирок этиши режалаштирилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, “Хўжа Насриддиннинг ғаройиб латифалари” китоби Ўзбекистон маданиятини оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон ва Германиянинг мактабгача таълим муассасалари ўртасида тарқатилмоқда.

Тадбир дастури:

11-13 февраль кунлари Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театрида бўлиб ўтадиган тадбир дастури:

11:00-12:40. “Хўжа Насриддиннинг ғаройиб латифалари” болалар расмлари тактил кўргазмаси ва улар учун “Ўзинг ясаб ол” маҳорат дарслари.

12:00-12:50. “Хўжа Насриддиннинг ғаройиб латифалари” китоби тақдимоти.

13:00-14:00. “Оҳ, бу Насриддин” қўғирчоқ шоуси.

Намойишлар 2020 йил 11 февраль – тифлошарҳлаш усули ёрдамида, 12-13-февраль – тифлошарҳлашсиз бўлиб ўтади.

Қўшимча маълумот:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2017 йил
16 октябрдаги ПҚ-3325-сон қарори билан халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш ва мамлакатда меценатликни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳнасидаги обрўсини ошириш мақсадида ташкил этилган.

Жамғарма ташкил этилганидан буён Ўзбекистон давлат санъат музейини реконструкция қилиш, Самарқанд Samarkand Half Marathon халқаро хайрия марафони, Тошкентда Замонавий санъат марказининг очилиши, Лувр музейида “Ипак йўлидаги цивилизациялар ва маданиятлар” кўргазмаси каби қатор йирик халқаро лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Peacock Verlag Berlin – бу Ўрта Осиё ва Яқин Шарқнинг адабий асарларини, жумладан  Шайх Саадийнинг “Гулистон”, Умар Ҳайёмнинг “Асл рубоийлар”, Aмир Хисравнинг “Тўрт дарвишнинг саргузаштлари” каби китобларни нашр этган немис нашриёти ҳисобланади.

Тифлошарҳлаш – бу кўзи ожизлар учун тушунарсиз бўлган объект, майдон ёки ҳаракатнинг махсус оғзаки лўнда тавсифи. Тифлошарҳлашда аудидескрипция усулидан фойдаланилади, бунда мутахассис олдиндан сценарий билан танишиб чиқади ва постановка учун тифлошарҳлашни тайёрлайди. Мазкур усулдан фойдаланилган болалар спектаклининг намойиши Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда.

Фотосуратлар