Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси жорий йилнинг феврал ойида Тошкентда Жамғарманинг нашриёт дастури доирасида нашр этилган биринчи болалар китобини тақдим этди. "Хўжа Насриддиннинг ғаройиб латифалари" китобига 40та ҳикоялар киритилган бўлиб, улар ўзбек, рус, немис ва инглиз тилларидаги таржималарда берилган. Ушбу нашрнинг эътиборли жиҳати шундаки, китоб Ўзбекистон ва Германия мактабгача таълим муассасалари болаларининг бевосита иштирокида яратилган. Уларнинг чизмалари ҳикоялар учун расм сифатида танлаб олинган. Иллюстрацияларни саралаб олиш учун Жамғарма томонидан Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Берлиндаги Мактабгача таълим синдикати ҳамкорлигида танлов ташкил этилди.
Китобга таниқли ўзбек ва немис актёрлари томонидан ўқиб берилган ҳикояларнинг кўп товушли аудио ёзуви бўлган CD кўринишидаги компакт диск қўшилган. Энди ушбу аудиокитобни барча тинглаши мумкин. Жамғарма ушбу аудио ёзувни ўзининг YouTube каналида эълон қилди.
"Хўжа Насриддиннинг ғаройиб латифалари" китоби Жамғарма ва Cultur-Сooperation International e.V компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги кўмагида Ўзбекистоннинг маданияти ва санъатини хорижда оммалаштиришга қаратилган ҳамкорликдаги ишларнинг натижасидир.