Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мамлакатимизнинг маданият муассасалари фаолиятида Билет операцияларининг ягона электрон тизимини босқичма-босқич амалга оширишни бошлади.
Бошланғич синов намунаси сифатида БОЯЭТга Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбек миллий драма театри, Муқимий номидаги давлат мусиқали театри ва Бухоро давлат музей-қўриқхонаси уланди. Синов даврининг биринчи босқичида ушбу муассасалар ходимлари тизимда ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари билан танишадилар ҳамда чипталарни сотишда тизимдан фойдаланишни бошлайдилар. Синов муддати якунидан сўнг, чипталар билан ишлайдиган мамлакатнинг барча давлат театрлари, музейлар ва Маданият вазирлигининг бошқа идоравий ташкилотлари БОЯЭТга уланади.
Тизимни жорий этишдан асосий мақсад мамлакатдаги маданият муассасаларда амалга оширилаётган чипталар савдосини мониторинг қилиш, тақдим этилаётган хизматларнинг шаффофлиги, сифати ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ушбу соҳадаги спекулятив фаолиятни минималлаштиришдан иборат. Соҳада регуляторнинг пайдо бўлиши рақобат муҳитини яхшилайди, бозорни монополиядан чиқаришга олиб келади, шунингдек, синергетик таъсир туфайли барча манфаатдор томонларнинг даромадларини ошишига хизмат қилади.
БОЯЭТ маданий тадбирларни ташкиллаштирувчилар, агентлар ва томошабинлар ўртасида мақбул алоқа ўрнатади. Меҳмонлар учун чипталарни онлайн харид қилишда ва бирон бир тадбирга ёки маданият муассасасига ташриф буюришида улардан бехавотир фойдаланиш учун қулай шароитлар яратилади.
Шунингдек, ушбу босқичида блокчейн технологиясидан фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Мазкур технология чипталар сотилишида янада шаффофликни таъминлаш билан бирга, чипталар савдоси билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатни ушбу технология билан ҳимояланган маълумотлар базасида қайд этади. Бундай занжирли маълумотлар ёзувини ўзгартириш ёки ўчириш мумкин эмас.
БОЯЭТнинг ишга тушурилиши маданият тадбирларига чипта сотиш учун онлайн-савдо платформалари, шунингдек, провайдерлар ва бошқа хизматларнинг фаолиятини чекламайди. Яратилган рақобат муҳитидан қулай ва мос хизмат турини танлаш ҳуқуқини харидорнинг ўзида қолдиради.