Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси талабалар учун иккита грант дастурини амалга оширмоқда: бири - Ўзбекистоннинг маҳаллий олий ўқув юртлари талабалари учун, иккинчиси - хорижий олий ўқув юртларида ўқиш истагида бўлган талабалар учун. 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида Жамғарма вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Олган билим ва кўникмаларини алмашадиган, янги ғоялар ярата оладиган, уларни ҳаётга тадбиқ этадиган ва иш натижалари учун шахсий масъулиятни ўз зиммасига оладиган ижодкорлар грант дастурлари ғолиби бўлиши мумкин. Эксперт кенгаши, ғолибларни танлашда, мамлакатнинг маданий муассасаларида ишлаш вақтида олган билимларини амалда қўллашни истаган номзодларга эътибор қаратади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг дастурларни амалга ошириш ва стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Элмурод Нажимов:
- Малакали кадрлар Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий пойдеворидир. Давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий фаолиятнинг янги тизимини ишга тушириш бўйича бешта муҳим ташаббусни илгари сурди. Ушбу бешта муҳим ташаббус доирасида Фонд (жамғарма) ҳам фаол иш олиб бормоқда. Улардан бири маданият ва санъат соҳасида таҳсил олаётган ёшларнинг малакасини ошириш, уларнинг кўникмасинитакомиллаштириш ва уларни янада профессионал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат. Шу муносабат билан Жамғарма Ўзбекистонда бакалавриат ва магистратура учун грант дастурлари ва хорижий олий ўқув юртларида магистрлик дастурларини эълон қилди.
Икки дастур шартларига мувофиқ талабалар маданият ва санъат соҳасида менежмент, реставрация ва консервация, архитектура, маданий туризм, график дизайн, тасвирий санъат, музейшунослик каби йўналишлар бўйича иштирок этиш учун номзод бўлишлари мумкин. Грант дастурлари ғолибларига таълим учун тўловлар қопланади ва хорижий олий ўқув юртларида ўқиш дастури бўйича эса жамғарма парвоз харажати, турар жой ва суғурта харажатларини ҳам тўлаб беради.
Мадина Бадалова, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси “Таълимни ривожлантириш” бўлими бошлиғи:
- Бу йил жамғарма талабалар учун грант дастурлари билан фаол шуғулланмоқда. Ҳужжатларни қабул қилиш бошланиши эълон қилинган кундан бошлаб биз Маданият вазирлигида очиқ эшиклар кунини ўтказдик, унда барча номзодлар иштирок этиш шартлари бўйича саволлар бера олишди, шунингдек, бўлим ходимларимиз Тошкентнинг саккизта олий ўқув юртлари ҳудудида бир қатор учрашувлар ва тақдимотлар ўтказдилар. Мамлакатимиз маданий муҳитини ривожлантириш учун чиндан ҳам ҳаракат қиладиган иштирокчилар ғолиб бўлишига ишонаман. Эксперт кенгаши, танловнинг биринчи босқичидан ўтган номзодлар билан юзма-юз суҳбатлар чоғида, улар олган билимларини Ўзбекистон маданий муассасаларидан биридаги ўз меҳнат фаолиятларида қўллашга тайёр эканлигига уларни ишонтира оладиган ёшларни танлашни афзал деб билади.
Дастурлар ҳақида маълумот:
Ўзбекистон ОТМларида ўқиш учун грант дастури
Ушбу дастур Жамғарма томонидан иккинчи йил амалга оширилмоқда. Ўтган йили 9 нафар талаба ғолиб деб топилди. Бу йилдан бошлаб дастурга баъзи ўзгаришлар киритилди. Энди, дастур шартларига кўра, унда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига қарашли ўқув юртлар рўйхатига киритилмаган Олий ўқув юртлари талабалари ҳам иштирок этишлари мумкин.
Аризаларни қабул қилиш: 2019 йил 15 сентябргача.
Дастур ва иштирок этиш шартлари ҳақидаги тўлиқ маълумотлар қуйидаги Фонд сайтида: //acdf.oz/news/75
Хорижий олий ўқув юртларида ўқиш учун грант дастури
Жамғарма ушбу дастурни 2019-2020 ўқув йили учун амалга оширади. Энди талабаларда хорижий ОТМларда магистрлик дастурида ўқишга грант олиш учун зўр имконият мавжуд. Танлов икки босқичда ўтказилади: ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш ва суҳбат.
Аризаларни қабул қилиш: 2019 йил 15 сентябргача.
Дастур ва иштирок этиш шартлари ҳақидаги тўлиқ маълумотлар қуйидаги Фонд сайтида: //acdf.oz/news/79