Кеча Берлинда янги галереянинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур бино таниқли британиялик архитектор Дэвид Чипперфилд лойиҳаси асосида қад кўтарилган бўлиб, Шпрее дарёсида жойлашган Музей оролига ўзига хос асосий кириш жойи бўлиб хизмат қилади. Айнан ушбу бинода Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси 2022 йилда Берлин тарихгача бўлган давр ва илк тарих музейи билан ҳамкорликда “Марказий Осиё мероси: Аҳмонийлардан Кушонгача” номли кўргазмани ўтказишни режалаштирмоқда.
Янги мажмуанинг умумий майдони, ер ости қисмини ҳисобга олган ҳолда, қарийб 11 минг квадрат метрни эгаллайди. Галерея 10 мингга яқин санъат асарларини Берлин музейларига ҳадя қилган таниқли меценат Джеймс Симон номи билан аталади. Янги бино ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Музей оролини янгилаш бўйича лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил январда Германияга ташрифи чоғида
маданий-гуманитар тадбирлар давраси доирасида 2019 йилнинг 16 январь куни Берлинда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Берлин давлат музейлари ўртасида Англашув меморандуми имзоланган эди. Айнан мазкур ҳужжатда 2022 йилда Берлинда кўргазма ўтказиш кўзда тутилган.
Кўргазманинг мақсади – ҳозирги Ўзбекистоннинг ҳудудида жойлашган Марказий Осиёнинг илк давлатлари (эрамиздан аввалги VI аср ва эрамизнинг I-IV асрлари) тарихини намойиш қилиш.
Жорий йилнинг апрель ойида мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш доирасида Ўзбекистонга Берлин тарихгача бўлган давр ва илк тарих музейи директори, Ўрта аср даври археологи Матиас Вемхофф ҳамда мазкур музейнинг Россия ва Шарқий Европа бўйича лойиҳалар бўйича бош куратори, доктор Манфред Наврот таркибидаги делегация ташриф буюрди.
Немис олимлари ўзбек ҳамкасблари билан музокаралар ва суҳбатлар ўтказди, шунингдек, ўтказиладиган кўргазма экспонатларини саралаш учун Ўзбекистон музей коллекциялари билан дастлабки тадқиқот ишларини олиб борди.
Манфред Наврот, Берлин давлат музейлари Россия ва Шарқий Европа бўйича лойиҳалар бўйича бош куратори:
- Ҳозир биз 2022 йилнинг март ойида очилиши режалаштирилаётган кўргазманинг концепциясини ишлаб чиқиш жараёнининг якуний босқичидамиз. Мазкур кўргазмада эрамиздан аввалги биринчи минг йилликдан бошлаб, эрамизнинг биринчи минг йиллигигача бўлган даврдаги Ўзбекистон маданияти ва тараққиётига доир экспонатлар намойиш этилади. Кўргазма Грек-Бактрия ва Кушонлар даврлари, Хоразм империяси, Александр Македонский номи ва Марказий Осиё тарихининг бошқа кўплаб босқичлари билан боғлиқ бўлади.