Ушбу кунларда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси офисида “Zetcom” компаниясининг мутахассиси Лена Папаилиоу томонидан уч кунлик тренинг ўтказилмоқда, ва унда мутахассислар музейлар каталогизацияси бўйича жаҳоннинг энг яхши платформаларидан бири MuseumPlus платформаси ишини ўрганишмоқда.
Илгари хабар берганимиздек, Жамғарма томонидан Ўзбекистон музейларида онлайн каталогизацияни жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Онлайн платформанинг тест даври тўртта музейда амалга оширилади: Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ва Ойбек уй-музейи.
Ҳафта бошидан бошлаб музейлар вакиллари ва Жамғарма ходимлари Швейцариядан таклиф этилган “Zetcom” компаниясининг мутахассиси Лена Папаилиоу томонидан ўтказилаётган тренингларда иштирок этмоқда. Тренингда мутахассис MuseumPlus платформаси билан таништириб, дастур ишлашининг аҳамиятли жиҳатлари, сўнгра, тренинг қатнашчилари ўртасида музейларимизда дастурни ишга туширишда муҳим ҳолатларни изоҳлаб бермоқда.
Бугунги кунга қадар юқорида қайд этилган Ўзбекистон музейларининг мутахассислари музейларнинг маълумотлар базасини яратиш бўйича маълум ишларни амалга ошириш имкониятига эга бўлдилар, жумладан: музейнинг ҳар бир экспонатини батафсил таснифлаш бўйича махсус жадваллар ишлаб чиқиш, инвентаризациядан ўтказиш ва каталогизацияни янги тизимга ўтказишда мутахассисларни дастлабки тайёрлаш. Кейинги босқичда мазкур жадвалларни MuseumPlus дастурий таъминотида юклаш амалиёти ўтказилиши белгиланган.
Жаҳон музейлари орасида MuseumPlus платформасидан кенг фойдаланаётганлар орасидан Лувр музейи, Нью-Йорк шаҳар музейи, Шимолий-Ғарб маданият ва санъат музейи кабиларни келтириш мумкин. Мазкур платформанинг комплекс ва мослашувчан иловалари реал вақт давомида музейларнинг ички ҳисоботларини бошқаришни таъминлайди ҳамда коллекцияларнинг турли хиллари ва улар билан боғлиқ жараёнларни ҳужжатлаштиради. Мазкур платформа тушунарли интерфейсга эга бўлиб, браузерр асосида ишлайди ва исталган жойдан интернетга уланиш орқали маълумотларни олиш имкониятини яратади. Дастур автоматик тарзда рўйхатларни ва ҳисоблашларни юритади ҳамда музей иши бўйича ҳисоботларни тақдим этиш имкониятига эга.
Лена Папаилиоу, “Zetcom” компаниясининг лойиҳалар бўйича менежари:
- Тошкентга келган кунимнинг биринчи кунидаёқ Ўзбекистон музейлари мутахассислари томонидан тўпланган маълумотлар базасини таҳлил қилишдан бошладим. Менинг асосий вазифам: бизнинг дастурий таъминотимизни ўрнатиш ва ундан фойдаланиш бўйича барча масалаларни ҳал этиш, чунки MuseumPlusнинг асосий фойдаланувчилари музей ходимлари ҳисобланишади. Бундан ташқари, музейларда коллекциялар ва ҳисоботларнинг ҳажми ҳар хил бўлганлиги учун ҳар бир музейнинг талабини алоҳида тушуниш лозим. Мазкур жараёнда индивидуал ёндашув аҳамиятлидир, ва мен Жамғарма томонидан тренингнинг ташкил этилишидан хурсандман, чунки тўртта музей вакиллари билан самарали иш олиб бориш, MuseumPlus дастури ечиши мумкин бўлган масалаларни тушуниш имкониятини бермоқда. Олдинда қилинадиган ишлар кам эмас, аммо мен чин дилдан хурсандманки, Ўзбекистон музейлар фаолиятини ривожлантиришда халқаро даражага чиқмоқда, ва, ўйлайманки, бизнинг ҳамкорлигимиз яқин вақтда Ўзбекистон музейларидаги кўплаб жараёнларни оптималлаштиришга хизмат қилади.