Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси “EXPO 2020 DUBAI”да иштирок этди.

Ўқиш вақти: 5 мин.

“EXPO 2020 DUBAI” бутунжаҳон кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бир қатор маданий тадбирларни ташкил этди.

26-ноябр куни - “EXPO 2020 DUBAI” бутунжаҳон кўргазмасининг Ўзбекистон павилонида Нукус шаҳрида жойлашган И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейи коллекцияларини ўрганиш бўйича келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Третьяков Давлат галереяси ўртасида И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейи коллекцияларини ўрганиш, шериклик муносабатларини ўрнатиш ва томонларнинг узоқ муддатли, самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида келишув имзоланди.

Икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик маданият соҳасидаги таълимни, мутахассислар малакасини ошириш, илмий маслаҳат бериш, шунингдек, ушбу келишувда кўрсатилган вазифаларни бажаришга кўмаклашадиган музейлар мутахассисларининг амалиёт жараёнларини ва мастер-классларини ташкил этишга хизмат қилади.

Гаяне Умерова, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори:
"Жорий йилнинг баҳор мавсумида Третьяков галереяси 2017-йилда ташкил этилган Жамғармамизнинг биринчи ва асосий ҳамкорларидан бирига айланди. Биз Третьяков галереяси томонидан ушбу кўмакни, ҳам стратегик шерик сифатида ҳам Зельфира Исмаиловна сиймосидаги қадрли дўстимиз сифатида жуда қадрлаймиз. Ва ушбу ишонч асосида қурилган муносабатларни бугунги келишув билан мустаҳкамлаймиз. Шунингдек, Зельфира Исмоиловнага Жамғармамиз билан Третьяков галереяси ўртасидаги қўшма лойиҳаларимизни амалга оширишда, ҳамкорлигимизни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратаётгани учун улкан миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Рус музейининг экспозицияларини тўлиқ тиклашга тайёргарлик кўрмоқдамиз ва яқин келажакда ушбу янги лойиҳамиз ҳақида халқаро маданий жамиятга эълон қилишни режалаштирмоқдамиз. Эътиборингиз учун катта раҳмат”.

Зельфира Трегулова, Третьяков галереяси бош директори:
"Биз Ўзбекистондаги ҳамкасбларимизга уларнинг малакасини ошириш, маслаҳатлашувларда максимал даражада ёрдам беришни истаймиз. Биз бундай вазифаларни бажаришга тайёрмиз. Ушбу ҳамкорлик музей соҳасидаги янги тадқиқотлар, янги технологияларни ривожлантиришга қаратилади. Барчамизни, мутлақ ишонч ва ўзаро тушуниш, қўллаб-қувватлаш асосида шаклланган  ҳамкорлигимизнинг янги муҳим босқичини бошлаётганимиз билан табриклайман. Иван Кудряшовнинг ёрқин экспозициялари намойишини ташкил этишда ёрдам берганингиз учун Жамғармага катта миннатдорчилик билдираман”.


27-ноябр куни – “EXPO 2020 DUBAI” бутунжаҳон кўргазмасида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан тақдим этилаётган маданий дастур доирасида “Dubai Opera”  саҳнасида “Лазги –Муҳаббат ва Қалб рақси” балет спектаклининг халқаро премьераси бўлиб ўтди. 

Ўзбек халқининг асл анъаналарини ўзида сақлаган Хоразм рақси мутлақо янги талқинда халқаро ҳамжамиятга тақдим этилди. “Лазги – Муҳаббат ва Қалб рақси” балетининг саҳналаштирилиши Ўзбекистон балетини янги босқичга олиб чиқди ва дунё бўйлаб ўзининг биринчи гастрол сафарини бошлади. Ўзбекистон маданий мероси, тарихининг ажралмас қисми ҳамда унинг энг машҳур рақсларидан бири бўлган “Лазги” илк маротаба  “Dubai Opera”  кўп форматли ижро санъатлари маркази саҳнасида намойиш этилди.

“Лазги” рақси уч минг йиллик тарихга эга. Хоразмнинг ушбу рақси жумбоқлар ва афсоналарга бой бўлиб, ўзида қадимги халқ донолигини ифодалайди. “Лазги – Муҳаббат ва Қалб рақси” спектакли меҳмонлари ёрқин саҳна ва миллий образлари орқали ўзбекона қадриятлар муҳитига шўнғиб, халқнинг ҳаётий фалсафасини чуқур ҳис қилиш имкониятига эга бўлдилар.

 

30-ноябр куни “Jubilee Park EXPO 2020”  саҳнасида Беҳзод Абдураимов ўз тингловчиларини жаҳон композиторларининг машҳур асарлари билан қувонтирди.

“EXPO 2020 DUBAI” бутунжаҳон кўргазмасида иштирок этаётган Ўзбекистоннинг маданий дастури доирасида иқтидорли ва халқаро пианиночилар танлови ғолиби – Беҳзод Абдураимовнинг классик консерт дастури тақдим этилди.

Пианиночи томошабинлар ва мухлислар учун Лист, Бетховен, Шопен, Мусоргский, Прокофев ҳамда Чайковскийларнинг жаҳонга машҳур классик асарлари билан бойитилган дастурни намойиш этди.

Беҳзод Абдураимов кўплаб санъат ихлосмандлари орасида жуда машҳур. У Тошкентда жойлашган В.А.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа лицейида ўзининг дастлабки маҳорат дарсларини олган. Шунингдек, мусиқачи Канзас шаҳрида жойлашган “Park” университети қошидаги халқаро мусиқа марказида таълим олган.

Истеъдодли виртуознинг концерт дастурлари Осиё, Европа ва Американинг ривожланган мамлакатларида ҳам машҳур бўлиб, катта муваффақиятлар билан ўтади.

 

 

 

 

Фотосуратлар