Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Реакомп институти (Россия) билан ҳамкорликда Ўзбекистонда тифлошарҳловчиларни тайёрлаш бўйича иккинчи ўқув дастурига грант эълон қилади. Танловда иштирок этиш учун иштирокчилар паспорт нусхаси, мотивация хати, автобиография, резюме, олий ёки ўрта-махсус маълумотни тасдиқловчи ҳужжат нусхасини tiflo@acdf.uz электрон манзилига ёки Тошкент ш., Миробод тумани, Тарас Шевченко кўч., 1-уй манзилига юборишлари керак. Аризалар 2022-йил 15-мартгача қабул қилинади.
Мотивация хати лойиҳадаги иштирокингиз мақсади ва моҳиятини ўз ичига олиши ва қуйидаги саволларга жавоб бериши лозим:
- Лойиҳа ҳақида қаердан эшитдингиз ва нима учун иштирок этишга қарор қилдингиз?
- Ўзбекистон ва МДҲ давлатларида тифлошарҳлаш ҳақида нималарни биласиз?
- Илгари қандай ижтимоий лойиҳаларда иштирок этгансиз?
- Ўзбекистонда инклюзив муҳитни ривожлантиришга қўшадиган ҳиссангизни қандай кўрасиз?
Танловнинг онлайн-тест синовлари ва суҳбат натижаларига кўра сараланган Ўзбекистонлик номзодлар таълим дастури иштирокчисига айланади. Таълим дастури икки босқичда бўлиб ўтади: онлайн-курс ва Москвадаги “Реакомп” институтида кундузги таълим. “Реакомп” – МДҲ ҳудудидаги кўзи ожизлар жамиятининг етакчи муассасаси бўлиб, у компютер тифлотехнологияларидан фойдаланган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларни комплекс реабилитация қилиш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, кўришда нуқсони бўлган инсонларни ўқитишга янги педагогик ёндашувларни жорий қилиш каби фаолият билан шуғулланади. Айтиш жоизки, дастур доирасидаги авиачипталар, турар-жой ва овқатланиш каби асосий харажатлар Жамғарма томонидан қопланади. Дастур якунлангач, лойиҳа битирувчилари Ўзбекистондаги театрларида кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар билан иш олиб борадилар.
Тифлошарҳлаш - бу махсус оғзаки тушунтиришларсиз кўзи ожизлар учун тушунарсиз бўлган нарса, жой ёки ҳаракатнинг лўнда тавсифи. Махсус тайёрланган тифло-изоҳлар ёрдамида кўзи ожиз ёки заиф кўрувчи инсонлар саҳнада содир бўлаётган воқеаларнинг тўлиқ визуал тасвирини шакллантиришлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2019-йилнинг ноябр ойида Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон тарихидаги биринчи халқаро ярим марафон бўлиб ўтиб, унинг мақсади маданият ва санъат обектларида инклюзив муҳитни яратиш муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва спорт туризмини ривожлантиришдан иборат эди. Ярим марафондан келиб тушган маблағлар Тошкент театрларида тифлошарҳлаш лойиҳасини амалга оширишга сарфланди.
Жамғарма томонидан тайёрланган Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ногиронлиги бўлган шахслар, мактабгача ёшдаги болалар ва пенсионерларнинг Ўзбекистон музейларига кириши учун инклюзив шароитлар яратилади. Бу нафақат муассасалар инфратузилмасини янгилаш, балки инклюзив хизмат кўрсатишга қаратилган таълим дастурлари ва ходимларни қайта тайёрлашни ҳам ўз ичига олган мураккаб ва узоқ муддатли жараён. Ушбу режалар 2020-2021 йилларга мўлжалланган инклюзивлик дастурида кўзда тутилган.
Жамғарма тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография йўналишларида мунтазам равишда тадбирлар ташкил этади ва уларни қўллаб-қувватлайди. Жамғарма халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш, мамлакатда ҳомийликни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон маданиятини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш билан шуғулланади. Давлат санъат музейини реконструкция қилиш, “Самарканд Ҳалф Маратҳон” халқаро хайрия ярим марафони, Тошкентда Замонавий санъат марказининг очилиши, Лувр музейида “Ипак йўлидаги сивилизациялар ва маданиятлар” кўргазмаси – Жамғарманинг шу ва яна шу каби бошқа лойиҳалар ҳақида маълумот билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишишингиз мумкин:
Расмий сайт: acdf.uz
Инстаграм: instagram.com/artsculturefndt
Фаcебоок: facebook.com/ArtsCultureFndt
Телеграм: t.me/acdfuz