Миллий музей фондининг электрон каталогизацияси

Ўқиш вақти: 3 мин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мамлакатнинг тўртта музейида: Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон давлат амалий санъат музейи, Ойбек уй-музейи ва И.В. Савицкий номидаги давлат санъат музейида синов тариқасида электрон каталог тизимини жорий қилди.

 

Электрон каталогизация икки босқичда жорий этилади. Биринчи босқич фақат музей ходимлари учун мўлжалланган ички электрон каталог тизимидир. Ушбу электрон каталог музейнинг ички ҳисоботларини бошқаришга  ва махсус программа орқали музей экспонатлари бўйича ҳужжатлар тузишга ёрдам беради. Ўзбекистон Республикаси Миллий музей фондининг электрон каталог тизимини жорий этиш Museum Plus дастурий таъминоти ёрдамида амалга оширилади. Ушбу дастур 1998 йил Берн шаҳрида ташкил топган Швейцариянинг "Zetcom" компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Компания Берлин, Париж ва Барселона  шаҳарларида ўз филиалларига эга, шунингдек "Zetcom"нинг Сингапур ва Афинада ҳамкорлик офислари ҳам мавжуд. Museum Plus платформасидан Лувр музейи, Нью-Йорк шаҳри музейи, Шимолий-ғарбий маданият ва санъат музейи каби кўплаб машҳур музейлар ҳам фойдаланади.

 

Музей ва Жамғарма ходимларига мазкур дастурдан фойдаланишни ўргатиш мақсадида "Zetcom" компаниясининг мутахассислари томонидан тренинглар ўтказилди. Машғулотлар давомида мутахассислар тингловчиларга Museum Plus платформаси билан ишлашни ўргатишди, шунингдек у дастурнинг нозик томонлари ҳақида гапириб бердилар. Тайёргарлик тадбирлари якунида юқорида номи тилга олинган музейлар ходимлари электрон каталог тизимини яратиш бўйича ишлар олиб боришди.

 

Айни пайтда Жамғарма юқорида тилга олинган музейлар ходимларига Museum Plus тизимидан фойдаланиш ишларини бошлаб юборди.

 

Иккинчи босқичда ташқи виртуал галерея - музейларнинг каталоглари жойлашган сайтни яратиш режалаштирилган. Мазкур сайт барча интернет фойдаланувчилари учун очиқ бўлиб, унда экспонатларни юқори сифатда томоша қилиш, шунингдек ҳар бир музейнинг асосий экспозициясидаги экспонатларнинг таърифи ва тарихи билан танишиш имкони бўлади.