Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонаси кўмагида "Scala" нашриёт уйи билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатга кўра, музей коллекциялари ва Ўзбекистоннинг маданий мероси тўғрисидаги бир қатор китоблар нашр этилади. Биринчи китоб Савитский музейи тарихи ва унинг коллекциясига бағишланган бўлиб, нашрни тайёрлаш ишлари аллақачон бошлаб юборилди. Китобда амалий санъат асарларидан ташқари, Александр Волков, Роберт Фолк, Михаил Курзин, Николай Карахон ва бошқа муаллифларнинг асарларидан иборат музей коллекциясидаги энг машҳур тасвирий санъат асарлари мавжуд.
“Scala” - бу Буюк Британиядаги музей тўпламлари ва индивидуал рассомларнинг китобларини чоп этишга ихтисослашган энг йирик нашриёт уйидан бири. Нашриётнинг ҳамкорлари орасида Эрмитаж давлат музейи, Третяков давлат галереяси, Метрополитен санъат музейи, Жорж Помпиду номидаги Миллий санъат ва маданият маркази, Билбаодаги Гуггенхайм музейи ва дунёнинг бошқа музейлари ва санъат галереялари бор. Нашриёт уйида Энди Уорхола, Девид Хокни, Пабло Пикассо ва бизнинг давримизнинг бошқа муҳим рассомларининг асарлари нашр этилган.
“Scala” нашриётини ривожлантириш бўйича директори Нил Титман:
“Ўзбекистон ниҳоятда бой маданий меросга эга мамлакат. Сизнинг давлатингизни жуда кўп одамлар билишади, аммо биз ишонамизки, бу дунё бўйлаб эътиборга лойиқдир. Умид қиламизки, биз Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда тайёрлайдиган нашрлар дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрувчиларни музейлар, галереялар ва меъморий мерос обидаларига жалб қилади”.
Савитский номидаги давлат санъат музейи – Марказий Осиёнинг асосий санъат музейларидан биридир. Музей коллекцияси Россия ва Туркистон авангардлари тўпламлари орасида аҳамияти ва ҳажми бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Бундан ташқари, музейда Қорақалпоғистон халқ ижодиёти буюмлари ва қадимий Хоразм санъатига тегишли ашёлар мавжуд.