Тошкентдаги "Музей менежменти" дастурининг иккинчи цикли

O‘qish vaqti: 4 min.

4 февралдан 8 февралгача Ўзбекистон Давлат Санъат ва Маданият институти биносида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Британия Кенгаши ва Буюк Британиянинг Goldsmiths университети билан ҳамкорликда ташкил этилган музей менежменти дастурининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди.

 

Ўқув дастури Ўзбекистоннинг ўзига хос спецификасини инобатга олган ҳолда Буюк Британия музей иши тажрибаси бўйича ишлаб чиқилган. Курс спикерларининг Ўзбекистон музей муҳити билан олдиндан танишуви мамлакатда музейлар ва галереялар фаолиятини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини кўрсатди.

 

Курсда очилган асосий мавзулар: музейларга ташриф буюриш сабаблари; ташриф буюрувчиларни кутиш; потенциал аудиторияни аниқлаш ва тушуниш ва уни ошириш стратегиясини яратиш; компьютер технологиялари, тадбирлар, шарҳлар, маркетинг, коммуникацияларнинг аҳамияти. Лекторлар  ҳозирги амалий ишларга асосланган презентацияларни намойиш этдилар. Тингловчилар келажакдаги ишларида амалда фойдаланишлари мумкин бўлган индивидуал ва гуруҳ машқлари ўтказилди.

 

 Курс иштирокчиларини Ўзбекистондаги Британия Кенгаши ижрочи директори Жамила Ғуломова кутиб олди. Спикер қуйидагини қайд этди:

 

- Музей менежментининг биринчи курси жуда қизиқ бўлди. Мен давоми изчиллик билан кетаетганидан хурсандман ва тингловчилар Goldsmiths университетидан бўлган ҳамкорлар ва мутахассислар томонидан берилаётган билимларга чуқур киришишмоқда. Бу сафар курс музей аудиториясини ўрганишга, у одамларни асосан нима ўзига жалб қилади ва нима жалб қилмайди, ёшларни қандай қизиқтириш мумкинлигига қаратилган. 

 

Шунингдек, MorrisHargreavesMcIntyre (Манчестер) асосчиси ва директори Жерри Моррис ҳам сўзга чиқди:

 

- Курснинг фойдалили жихати шу-ки бу ерда тингловчиларнинг ўзи  кўпроқ гапиради. Биз олдимизга фақат маърузалар ўқиш вазифасини қўймаймиз, биз асосий муаммоларни аниқлашни ва биргаликда ҳал қилиш йўлларини топишга ҳаракат қиламиз. Барча тақдимотлар слайдларини Ўзбекистон музейлари эҳтиёжларига мослаштирамиз. Музейлар маркетингининг эволюцияси, стратегик режалаштириш масалаларига чуқурроқ кирамиз, музейларингизнинг миссияси ва қарашларини кўриб чиқамиз, уларнинг бозорини ўрганиб чиқамиз ва ташриф буюрувчиларнинг эҳтиёжларини қандай тушунишни ўрганамиз.

 

Курс тингловчилари Ўзбекистон музейлари ва идоравий муассасалари мутахассислари бўлди. Улар орасида Ўзбекистон давлат амалий санъат музейи, И. В. Савицкий номидаги давлат санъат музейи (Қорақалпоғистон), Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти вакиллари ҳам бор.

 

Курснинг маърузачилари Маданият ва музей иши соҳасида етакчи мутахассислар эди.

Доктор Жеральд Лидстон – “Санъат ва маданий сиёсат соҳасидаги Маъмурият” магистрлик дастурини ишлаб чиқувчи ва “Ижодий ва маданий тадбиркорлик” ва “Маданий сиёсат, муносабатлар ва дипломатия” магистрлик дастурларининг ҳаммуаллифи. Ўн икки йилдан зиёд вақт мобайнида Веьтнам Маданият ва ахборот вазирлиги номидан Форд жамғармасининг молиявий кўмаги билан Ханой маданият университетида бадиий менежмент курсини ташкил этиш устида ишлади. Веьтнам маданиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миллий медални қўлга киритди. Словакияда Буюк Британия ташқи ишлар вазирлигининг бадиий бошқарув тизимини яратиш бўйича BritishKnow-HowFund тўрт йиллик лойиҳа директори бўлди.

 

Жерри Моррис 35 йил давомида Буюк Британия маданияти доирасида ишлади, Тейт галереяси, Миллий галерея, Британия музейи, Чикаго санъат институти ва бошқа кўплаб ташкилотлар учун лойиҳаларни бажарди. Жерри бозор сегментацияси, мақсадли аудиторияларни диверсификация қилиш ва ривожлантириш каби соҳаларда етакчи мавқени эгаллайди.