2019 йилнинг 19 ноябрь куни Алишер Навоий номли Ўзбекистон Давлат Академик Катта театрида Сергей Полуниннинг “Распутин” драматик балетининг премьераси бўлиб ўтади. Машҳур балет устаси ўзининг янги спектаклини илк бор Ўзбекистон пойтахтида намойиш қилади.
Сергей Полунин Россия тарихининг энг сирли сиймоларидан бирининг ёрқин тасвирини англаш жараёнида «Инсон шахсининг ўзига хос хусусиятлари – бу мураккаб ҳодисадир. Распутиннинг ўзига хос жозибадор томонларини сезги орқали билишим учун, мен уни хореография – рақс санъати ёрдамида ҳис қилишим керак», - деб ёзган .
«Распутин» драматик балети япон хореографи – рақс устаси Юка Ойши томонидан Сергей Полунин учун махсус яратилган. Бу йил Лондондаги «Палладиум» театрида спектаклнинг жаҳон премьераси бўлиб ўтди. Либослар бўйича рассом сифатида таниқли рус дизайнери Ульяна Сергеенко иштирок этган балет воқеалари шахмат тахтасида содир бўлади, бу тахтада спектаклдаги қаҳрамонлар тақдирини тасвирловчи аллегорик – мажозий фигуралар ҳаракатланади.
«Бу ҳикоя куч ва қудратга ва истеъдодли салоҳиятга эга инсон ҳақида. Баъзилар Распутинни авлиё ва мистик – сўфий деб атаса, кўпчилик уни иблис деб ҳисобларди. Аммо мен учун одамлар ҳеч қачон фақат яхши ва фақат ёмон одамларга ажратилмайди: мен оқ-қора тасвирли архив расмларини кўрганимда, бу қаҳрамонлар ҳаётда аслида қайси рангда бўлганликларини тасаввур қилишга ҳаракат қилардим», - дейди Юка Ойши.
«Ҳозиргача телба роҳиб шахсига зид бўлган афсона ва миш-мишлар унинг атрофида айланиб юради, бироқ у энг аввало инсон эди. Мен шунга ишонаманки, у ҳақиқатан ҳам ақлбовар қилмайдиган, сирли даволаш кучига эга эди. Мен ушбу мавзу бўйича мавжуд бўлган барча китобларни ўқиб чиқдим, аммо уларнинг ҳар бири ўз воқеаларини қарама-қарши ривоятлар билан ҳикоя қилар эди. Охир-оқибатда мен ҳар бир қаҳрамоннинг ҳис-туйғуларини тушунишга ва уларнинг ёрқин образларини акс эттиришга ҳаракат қилиб, ушбу воқеани шахсан ўзим кўргандек балет спектаклини саҳналаштирдим», - деб ўз фикрини билдиради Юка Ойши.
Балет икки пардадан иборат, биринчи парда Распутиннинг кўтарилиши, унинг қироллик оиласи билан танишувига, иккинчи парда эса - қуёш ботиши, яъни унинг инқирозга учраши ва ўша 50 ёшли “кекса роҳиб” ва соҳибқиронни қадрловчиларга бағишланган.
«Менинг воқеага бўлган шахсий ҳис-туйғуларим унчалик аниқ эмас, - деб ҳикоя қилади Григорий Распутин ролининг ижрочиси Сергей Полунин. Мен маълумотларни китоблардан қидирмайман, мен ўз сезгиларимдан фойдаланаман. Мен Юкага ишонардим, чунки у воқеаларни моҳирлик билан боғлай олади. Мен эса бор-йўғи ғояларни ҳақиқатга айлантирувчи бир воситаман холос. Распутин ҳикояси, унинг шахси эса сиз кимнинг ҳикоясини тинглаётган бўлсангиз, тўлиқ ўшанга боғлиқдир».
Балет учун мусиқа басталаган бастакор Кирилл Рихтернинг сўзларига кўра, спектаклнинг биринчи қисми Распутиннинг саройда пайдо бўлишини, иккинчи қисми эса – ушбу шахс ва бутун қироллик оиласининг ботиши, инқирозга юз тутишини тасвирлайди. «Мен ўйлайманки, спектакль охирида жуда машҳур асардан олинган, бевосита қироллик оиласи билан боғлиқ бўлган цитата – парчани топиш қизиқарли бўлади. Бу “Худо, шоҳни асрагин” мадҳияси бўлиб, менга “храни - асраш” ва “хорони - кўмиш” сўзларининг маъноси жуда қизиқарли бўлди, чунки бу сўзлар турлича маъноларни англатарди. Балет якуни фожиали тугайди ва ушбу сўзлар мен учун қандайдир қўрқинчли синоним, маънодош сўзлар бўлиб қолди, - деб ҳикоя қилади Рихтер. Мусиқа асбоблари ҳам ўз ролларини ижро этдилар. Айниқса мен икки ролда – “қироллик ҳовлисининг атрибути, белгиси” сифатидаги катта зарбли гуруҳ ва арфани, ва гусли – чертиб чалинадиган торли мусиқа асбобини ҳавола қилишларини кузатдим, - деб қўшимча қилди бастакор.
Тошкентдаги балет премьерасининг ташкилотчиси - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш Жамғармаси.
Чипталарни iTicket.UZ кассаларидан сотиб олишингиз мумкин. (+998712071071)
Пенсионер ва талабалар учун билет нархининг 30% миқдорида чегирмалар мавжуд.
Агар билетингиз чегирма билан харид қилинган бўлса, театрга кираверишда пенсия ёки талабалик гувоҳномаси талаб қилинади.
Ролларда:
Распутин: Сергей Полунин
Князь Феликс Юсупов: Йохан Кобборг
Шаҳзода Алексей: Джордже Каленич
Рақсларни саҳналаштирувчи: Юка Ойши
Бастакор: Кирилл Рихтер
Саҳна дизайнери: Отто Бубеничек
Ёруғлик бўйича рассом: Константин Бинкин
Либослар бўйича рассом: Ульяна Сергеенко