Париждаги асосий музейда олти ой давомида Ўзбекистоннинг иккита кўргазмаси бўлиб ўтади

Ўқиш вақти: 16 мин.

Париждаги асосий музейда олти ой давомида Ўзбекистоннинг иккита кўргазмаси бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон  таклифига биноан ушбу мамлакатга расмий ташрифи давомида давлатлар раҳбарлари томонидан иккита йирик кўргазма очилди. Лувр музейида очилган “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси ва Араб дунёси институтида ташкил этилган «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” намойиши шулар жумласидан. Кўргазмалар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Лувр музейи ва Араб дунёси институти билан ҳамкорликда ташкил этилган.

 

Ҳар икки кўргазма ҳам Ўзбекистон тарихи ва маданиятига  бағишланган. Луврдаги намойиш милоддан аввалги V—VI асрдан  Темурийлар давригача бўлган даврларни қамраб олади, Араб дунёси институтидаги кўргазмада эса, XIX –XX аср ўрталарига оид экспонатлар, шунингдек, Ўзбекистон давлат музей тўпламларидаги  Туркистон авангарди йўналишига оид мўйқалам асарлари ўрин олган. 

Ҳаммаси нимадан бошланди?

2018 йилнинг октябрь ойида  Президентимиз Шавкат Мирзиёев биринчи марта расмий ташриф билан Францияда бўлди. Маданий дастур доирасида Лувр музейига экскурсия ташкил қилинди. Бу вақтда ушбу музейда Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросига бағишланган улкан кўргазмани ташкил қилиш ғояси шакллана бошлаётган эди ва давлатимиз раҳбари бу ғояни маъқуллади.

Бундан олдин кўплаб жуда муҳим воқеалар  юз берганини ҳам таъкидлаш жоиз.

 2009 йилда археолог ва илмий тадқиқотчи Рокко Ранте Ўзбекистон Республикаси  Фанлар академияи Самарқанд Археология институти жамоаси билан ҳамкорликда Бухорода ўтказилаётган  археологик қидирув ишларига раҳбарлик қилган эди. Мамлакатимиз томонидан унга Жамол Мирзааҳмедов, сўнгра Абдисабур Раимқуловлар бошчилик қилган. 2011 йилда Ранте ўша пайтларда Лувр музейи президенти бўлган Анри Луареттани юртимизга таклиф этади. Тарихий материаллар кўздан кечирилгач, кўргазмани  ташкиллаштиришни бошлаш  тўғрисида  қарор  қабул қилинади ва бу қарор 2017 йилда қатъий тасдиқланади.

Бироз вақдан сўнг, Ўзбекистоннинг Самарқанд  вилоятида яна француз  мутахассислари билан бирга олиб борилган бошқа қазилма ишлари давомида зардўштийлик даврига оид ноёб ўйма нақшли панно (деворий расм) топилади. Топилма дунё аҳамиятига молик ёдгорлик эди.

Тахминларга кўра, қазилма ишлари олиб борилган жойда  ислом даври (VIII аср)гача ҳукмдорларнинг саройи бўлган. Қалъа ичидаги иншоотда ҳашаматли хона бўлгани аниқланган, унинг аксарият қисмини уч поғонали шоҳсупа эгаллаган. Олимларнинг фикрича, у ерда ҳукмдор тахтда ўтирган. Панно эса хона деворларини безаб турган.

Бундан ташқари, бошқа ноёб топилмалар ҳам топилган. Шу тариқа, Ўзбекистон тарихий ва маданий  жиҳатдан ниҳоятда қимматбаҳо ёдгорликларни жаҳонга кўрсата олиши аниқ бўлди.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаянэ Умерова ва Лувр музейи ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланиб, жамғарма Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева бошчилигида тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Дастлаб Луврдаги кўргазмани 2020-2021 йилларда ўтказиш режалаштирилган эди, бироқ ковид пандемияси бу режаларни амалга оширишга тўсқинлик қилди ва намойишни 2022 йилга қолдиришга тўғри келди. Бу вақтда нафақат Ўзбекистоннинг XV асрда якунланган қадимий цивилизациясини кўрсатиш, балки, ундан кейинги даврларгача сўзлаб бериш мантиқан тўғри бўлади, деган  фикр келди. Бу мазкур ишларнинг уйғун ва мукаммаллигини таъминлайди. Шу тариқа, бир пайтнинг ўзида иккита кўргазма – Лувр музейи ва Араб дунёси институтида намойиш ташкил қилишга  қарор қилинди.

Тўрт йиллик меҳнат маҳсули

Ҳар иккала кўргазмани тайёрлаш  учун  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири  раҳбарлигида  махсус комиссия тузилди. Ушбу комиссия таркибидан Санъатшунослик институти ва лойиҳа  маслаҳатчиси Шокир Пидаев, Ислом  Цивилизацияси маркази директори  Шоазим Миноваров, вазирлар, олимлар, археологлар ҳамда экспонатлар олинадиган музейлар раҳбарлари ва кураторлари ўрин олди.

Кенг кўламли реставрация ишлари бошлаб юборилди. Айнан кўргазма учун 2018 йилдан буён 70 дан зиёд  буюмлар реставрация қилинди. Лойиҳага Франция ва Ўзбекистондан қоғоз, ёғоч, металл, ҳайкалтарошлик, шиша ва деворий расм бўйича 40 нафардан ортиқ реставраторлардан иборат жамоа жалб қилинди. Марина Реутова, Камолиддин Маҳкамов, Шуҳрат Пўлатов, Кристин Парисель, Оливье Тавозо, Дельфин Лефевр, Жеральдин Фрей, Аксель Дело, Анн Льеже ва бошқалар шулар жумласидандир.

Айниқса, VIII асрга оид “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларини тиклаш жуда мураккаб ва айни пайтда қизиқарли бўлди. Ушбу Қуръон ислом дини ва мусулмонлар учун жуда катта аҳамият касб этиб, бутун инсониятнинг маданий ва  тарихий  меросини ташкил этувчи қадриятлардан биридир.

Реставрация ишлари уч йил давом этди ва ўша пайтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида ишлаётган Саида Мирзиёеванинг шахсий қўллаб-қувватлаши туфайли  амалга ошди. Аввалига ноёб Қуръоннинг атиги 2 та саҳифасини тиклаш  режалаштирилган эди ва  айнан Саида Шавкатовнанинг кўмаги билан барча 13 саҳифанинг тикланишига эришилди.

А. Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси каби ташкилотлар  ушбу нодир ҳужжатни тиклаш ишига жалб қилинди. Тиклаш ишлари Лувр музейи реставраторлари Аксель Делёва Аурелия Стрети томонидан амалга оширилди.

“Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида”

“Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси ҳозирги Ўзбекистоннинг жанубий қисмидан ўтган  Буюк ипак йўли  тарихи ҳақида ҳикоя қилган ҳолда, милоддан аввалги V—VI асрдан Темурийлар ҳукмронлигигача бўлган даврни ўз ичига олади. Унда монументал санъат буюмлари, деворий расмлар, саройларнинг ўйма   деталлари, безакли амалий санъат буюмлари в бошқа ёдгорликлар  намойишга қўйилган. Кўргазма 169 та музей экспонатлари, хусусан  мамлакатимизнинг 16 музейидан 138 та ноёб ашё ва дунёнинг етакчи музейларидаги  31 та экспонатдан иборат. Лувр музейи, Франция Миллий кутубхонаси, Буюк Британия музейи ва Британия кутубхонаси, Лондон Виктория ва Альберт Музейи, Париж  медаллар Маҳкамаси, Гиме Музейи ҳамда Тиллар ва цивилизациялар Университет кутубхонаси (BULAC), Лиссабон Галусте Гюльбенкян Фонди шулар жумласидандир.

Кўргазма кураторлари: Янник Линц ва Рокко Ранте.

Саида Мирзиёева таъкидлаганидек, Ўзбекистон азалдан  маданий  алмашинув ва савдо маркази, Буюк ипак йўли эса, маълум маънода  дунёдаги илк  иқтисодий лойиҳа бўлган. Лувр музейидаги  қарийб икки минг йиллик даврни  қамраб олган кўргазма ташриф буюрувчиларда бугунги Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган турли цивилизациялар ҳақида серқирра тасаввурни шакллантиради ҳамда мамлакатимизнинг ноёб меросини  намойиш этади, бу  эса бизнинг асосий вазифаларимиздан биридир.

Ўз навбатида, Рокко Ранте ушбу кўргазманинг иккита  асосий мақсади борлигини  маълум қилди. Биринчидан, бу Европада Марказий Осиё цивилизацияси ва маданиятини  кўрсатишдан иборат. Бу ўринда Париж энг яхши жой саналади, чунки бу  ерда  дунёнинг  етакчи музейларидан бири – Лувр жойлашган.

Иккинчи мақсад Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги  яқин тарихий  алоқаларни  намойиш этишдан иборат. Ахир, ўтмишда бу икки минтақа ўртасида кўплаб умумий тарихий лаҳзалар рўй берган.

Бундан ташқари, кўргазма Европа ва Франция жамияти  Марказий Осиё билан янада яқиндан танишиши учун маърифий аҳамият касб этади. Зеро, минтақа маданияти инсоният цивилизациясида муҳим ўрин эгаллайди ва муҳим тарихий шахсларга бойдир.

Шунингдек, Ранте Луврдаги “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси яқин 30-40 йиллардаги  бетакрор  тадбир бўлиб қолишини ҳам қайд этди.

“Катта Лангар Қуръони”дан ташқари,  қадимги Кофирқалъа шаҳарчасидан топилган куйган ёғоч панно, Будда ҳайкали (мил. Авв I аср – милодий I.), Далварзинтепа кўҳна шаҳридан топилган Кушон шаҳзодасининг боши (I-II асрлар), Бухоронинг қадимги Варахша манзилгоҳидан топилган ва ов саҳнаси тасвирланган VII асрга оид машҳур деворий расм, Марко Полонинг XIV асрда Осиёга саёҳати тўғрисидаги китоби нусхасини ҳам нодир экспонатлар сирасига киритиш мумкин.

Кўплаб археологик кашфиётлар ва муҳим реставрация ишлари  сўнгги 3 йил ичида  амалга оширилгани ҳисобга  олинса, экспозициянинг бир қисми оммага илк маротаба намойиш этилмоқда.

«Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” 

Мамлакатимизнинг 9 та музейларидаги 300 дан ортиқ экспонатларни ўз ичига олган  ушбу экспозиция орқали ўзбек амалий санъат буюмлари тақдим этилди.

Меҳмонлар эътиборига миллий тўқимачилик намуналари, миллий либослар, бош кийимлар, XIX –XX аср ўрталарига оид безаклар, Бухоро амирлигининг зардўз чопонлари, гиламлар ва бошқа кўплаб  нодир ашёлар ҳавола этилади.

Шунингдек, ушбу кўргазмада  23 та рангтасвир асарлари ҳам намойишга қўйилган бўлиб, улар орасида И. В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи тўпламидан олинган Туркистон авангарди асарлари ҳам ўрин олган.1917 йилдан  1932 йилгача Туркистон  рус авангард рассомлари  орасида айниқса машҳур географик жой бўлган. Матисс Мароккони кашф этган пайтда рассом авангардчилар  “маҳаллий колоритни” топиш йўлида  ўзлари учун Марказий Осиёнинг бой  манзараси, шакллари ва қиёфаларидан ноёб илҳом манбаини топдилар.

Кўргазманинг энг қизиқарли экспонатларидан бири XVII-XVIII асрдаги қорақалпоқ аёлларининг анъанавий бош кийими—тобелик ҳисобланади. Тобелик цилиндрсимон шаклга эга бўлиб, маржон ва феруза кўзлар билан безатилган кумуш пластиналардан ясалган. У қўшимчабезак, тўй бош кийими-саукелеустиданкийиладигантожҳисобланган.

Яна кимешеклар ҳам намойиш этилади. Бу ҳам аёлларнинг миллий бош кийими. Кимешек бошни тўлиқ ёпади, аммо юз қисми очиқ қолади. У бироз капюшон (қайтармақалпоқ)ни эслатади. Турмушга чиққан аёллар ўз мақомларини билдириш учун муайян рангдаги кимешек кийганлар.

Шунингдек, аребаклар – унча катта бўлмаган булоқилар (бурунга тақиладиган безак), шак-шубҳасиз томошабинларнинг эътиборини жалб қилади. Улар олтиндан ясалган ва спиралсимон гажаклар, майда ферузатошлар ва маржон доналари билан безатилган. Арбекларни ёш қорақалпоқ аёллари буруннинг ўнг қанотига тақиб юришган, ва Ўзбекистоннинг ҳеч бир жойида бундай безак бошқа учрамайди.

Танлаб олинган асарлар орасида Ўрол Тансиқбоев, Виктор Уфимцев, Надежда Кашина мўйқаламига мансуб картиналар бор. Яна Александр Волков, Алексей Исупов ва бошқа рассомларнинг асарлари ҳам ўрин олган. Улардан ҳар бирининг ўзига хос бетакрор услуби борлигига қарамай, барча асарлар биргина мавзу – Шарқ ва унинг ранглар уйғунлигидан илҳом олган ва шу билан бир-бирига чамбарчас боғланганлигидан ҳикоя қилади. Масалан, Николай Караханнинг “Ҳовуз ёнидаги қайрағочлар тагидаги чойхона” картинасини кўрган томошабин дарҳол ўша давр муҳити, одамлари, уларнинг кийиниш услуби, турмуш тарзи ва атрофдаги табиат ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлади.

Виктор Уфимцевнинг “Шарқ оҳанглари” картинаси ҳам ғоят қизиқарли. Сибирда туғилиб ўсган рассом Ўрта Осиё билан танишиш баробарида аста-секин Ислом санъати сирларини эгаллаб боради. Мазкур асар анъанавий зиёфат саҳналари муҳрланган мусулмон миниатюрасининг эркин модерн услубида тасвирланган кўринишидир. Унда иккита ҳордиқ чиқараётган аёл тасвирланган бўлиб, уларга томон қўлида кўза тутган эркак келмоқда. Ғарблик томошабин бу тасвирни кўргач, Шарқда аёлга нисбатан эътибор ва ҳурмат қанчалар юқори бўлганига ишонч ҳосил қилади.

Умуман олганда, Савицкий музейи томонидан тақдим этилган бутун тўплам Шарқ, хусусан, Ўзбекистон маданиятининг бутун гўзаллиги, ўзига хос таровати ва жозибасини намойиш этишга қаратилган. Ва буколлекциянинг машҳур Европа давлати пойтахтида жойлашган Араб дунёси институтида намойиш этилишида ҳам ўзгача бир маъно мужассам. Бу Ғарб ва Шарқ ажойиб тарзда биргаликда ҳаёт кечириши ва бир-бирини бойитиши мумкинлигининг яна бир исботидир.

Экспозицияни яратишда кўргазма кураторларидан бири,  Франциянинг AssoulinePublishing ноширлик уйи раҳбари Яффа Ассулин ва фотосуратчи Лазиз Хаманилар катта ёрдам кўрсатди. Уч йил давомида улар Ўзбекистон  нашриётлари учун материал  топиш ва тўплаш мақсадида минтақамиз бўйлаб саёҳат қилди. «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари”  кўргазмаси  том маънода  ушбу китобларнинг жонли тасвирига айланди.

Намойишга қўйилган экспонатларнинг аксарияти ҳеч қачон Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилмаган нодир буюмлардир. Ҳатто миллий ўзлигимизга хос буюмлар, масалан, чопон, сўзана ва  юртимиз музейларида  тақдим этилган бошқа экспонатлар билан яхши таниш бўлганлар ҳам бу буюмларни  янгича  кўриниш ва ракурсда  - 3D   ҳажмда кўрадилар ва бу мислсиз тажрибадир.

Яна бир муҳим жиҳат. Кўргазмада Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари  бир вақтнинг ўзида ўзига хос тафовутлари, мактаблари,  буюм тайёрлаш  усуллари билан намойиш этилади.

Гаянэ Умерованинг қайд этишича, Араб дунёси институти билан ҳамкорлик Ўзбекистон маданиятини янада чуқурроқ ўрганиш, бой миллий меросимиз ва унинг аҳамиятини очиб бериш имконини беради. Намойишнинг муҳим вазифаларидан бири Ўзбекистон тарихи ва  маданий меросини глобал миқёсда таништириш бўлгани боис, Маданият жамғармаси томонидан ушбу кўргазмага  катта аҳамият қаратилади. Кўргазма минтақа санъати, ҳунармандчилиги ва тарихига қизиққан кенг доира вакилларида қизиқиш уйғотиши кутилмоқда. Шунингдек, Араб дунёси институти билан ҳамкорликда  ташкил этилган ушбу лойиҳа халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Кўргазманинг очилишида германиялик хореограф Раймонд Ребек томонидан саҳналаштирилган “Лазги – қалб ва севги рақси” балети намойиш этилди. Хоразмнинг лазги рақси 3 минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлиб, у ЮНЕСКОнинг номоддий меросига киритилган.

Хулоса ўрнида

Ипак йўли қамраб олган йўлда энг турфа маданиятлар ва турмуш тарзларини  ифодаловчи  кўплаб цивилизациялар ва этник гуруҳларнинг излари ва хазиналари сақланган. Бу  кўплаб савдо йўллари кесишган, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алмашинув, кўчманчи ва ўтроқ турмуш  тарзи, эрон, эллинистик, туркий, хитой, ҳинд, мусулмон, мўғул ва бошқа цивилизациялар маданиятлари ўзаро боғланган маскандир.

Ўзбекистон томонидан  Парижда ташкил этилган намойишлар бутун дунёдаги миллионлаб фуқароларга ушбу буюк тарихни ўз кўзлари билан кўриш имконини тақдим этади.

Экспертларнинг фикрича, маданият соҳасидаги ҳамкорлик  мамлакат ва инсонларни дунёга тез танитгани боис, ушбу намойишлар жуда самарали бўлади. Францияга йилига 60 миллион, Луврга эса  10 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюради. Ўзбекистоннинг бундай кенг кўламли  кўргазмада намойиш этилиши, мамлакатимиз тарихи билан янада яқинроқ таништирибгина қолмай,  юртимиз, унинг маданияти ва тарихига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади. Бу туризмни ривожлантириш учун  ўзига хос реклама бўлиб ҳам хизмат қилади. Инсонлар кўргазмалар, ўзаро мулоқот орқали бир-бирларини қанча  яхши таниса,  ўзаро ишонч ҳам шунча ортади. Ишонч эса ҳамкорликнинг бошқа соҳалари учун улкан имкониятлар эшигини очади.

                                                                 

 

Фотосуратлар