2019 йил 14 январь куни Берлинда (Германия) ўзбек миниатюрачиси Давлат Тошев кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Германиянинг Cultur-cooperationInternational фонди ва Бамберг университети Ислом санъати музейи билан ҳамкорликда кўргазма ташкилотчиси сифатида иштирок этди.
Давлат Тошев асарлари экспозицияси Берлиндаги "Bumiller" музей-коллекциясида намойиш этилган. “Bumiller” музей-коллекцияси – ўрта асрлар кундалик ҳаётининг хўжалик маҳсулотларини, безак буюмларини, флора ва фауна расмларини, абстракт нақшларни ўз ичига олган тарихий объектларнинг энг машҳур тўпламларидан бирига эга. Унда 7-асрдан 13-асргача бўлган 6000 дан ортиқ объектлар мавжуд. Коллекция объектлари асосан Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳудудларига тегишли.
Давлат Тошев кўргазмасига қизиқиш билан ташриф буюрган меҳмонлар асарларни кўриб чиқдилар ва кўргазма муаллифи билан суҳбатлашдилар. Давлат ўзи шундай деди: “Чизғич ва лупа менинг биринчи ёрдамчиларим, чунки миниатюра санъати аниқлик ва машаққатли ишни талаб қилади. Мен ҳатто кичик бир расмни уч ой давомида чизаман. Мен чизадиган қоғоз – бу ипак. Унинг ёши 200 йилдан кўпроқ. Қадимги қўлёзмалардаги ушбу саҳифаларни махсус, танланган асарлар учун ишлатаман. Ажабланарлиси шундаки, Бухоро миниатюрасининг тили Шарқ учун ҳам ва Ғарб учун ҳам тушунарли”.
Экспозиция 2019 йил 13 апрелгача кўриш учун тақдим этилади. Шунингдек, кўргазма дастурида Давлат Тошевнинг маҳорат дарслари ва Шарқ миниатюра санъати бўйича қўшма илмий-бадиий кечалар ўтказилиши кўзда тутилган.