2020 йилда Тошкентда мамлакатдаги биринчи замонавий санъат маркази очилади, унга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш Жамғармаси таъсисчи сифатида чиқмоқда. Янги тузилманинг фаол иш фаолияти бошланган:
12 апрел куни бўлажак марказ биносида ўзбек режиссёри ва видеорассом Саодат Исмаилованинг “Qo'rg'on chiroq” шахсий кўргазмаси очилди. Очилиш арафасида Марказда халқаро меҳмонлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Кенг хонада, Марказ майдончасида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакиллари тўпланди.
Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш Жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Гаянэ Умерова табрик сўзи билан бошлади: “Замонавий санъат маркази лойиҳаси жамоа ишига ва турли бадиий амалиётларни бирлаштиришга асосланган ҳолда, аввало, биз учун услубий аҳамиятга эга. Жамғарма олдида янги турдаги маданий ташкилотни (институтни) яратиш вазифаси турибди. Биз,дастлаб, замонавий санъат, кино, таълим ташаббуслари, тажрибавий театр намойишлари ва замонавий хореография соҳасидаги амалиётларни келажакдаги тараққиётимизнинг асосини ташкил этадиган, биз учун янги институционал (ташкилий) шакллар бўлган – мультимедиа лабораторияси, санъат маскани ва болалар морат сабоқлари (воркшоплари) билан бирлаштиришни режалаштирмоқдамиз. 2018 йилда бу бино Маданият вазирлигига топширилди. Марказ очилишида бўлиб ўтадиган тадбирлардан сўнг бино реконструкция қилиш учун ёпилади ва 2020 йилда очилади. Шуни таъкидлашни истардимки, реконструкция бинони сақлаб қоладиган барча талабларга мувофиқ амалга оширилади ва биз бутун мажмуанинг тузилиши ва тартибини максимал даражада сақлаб қолиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз. Реконструкция диққат ва эҳтиёткорлик билан амалга оширилади”.
Qo'rg'on chiroq кўргазма лойиҳаси Саодат Исмаилованинг сўнгги беш йил давомида яратган видеоасарларини бирлаштиради. Сўғд тили бугунги кунда ўлик тил ҳисобланади (унинг сўнгги ёзма ёдгорликлари XI асрга тўғри келади), лекин рассом тил ўлмайди, жамоавий хотирада яшашни давом этади деб ишонади. Qo'rg'on chiroq кўргазмаси устида Саодат Исмаилова Лондоннинг Тейт Модерн галереяси катта куратори Андреа Лиссони ва меъморлар, GRACE Милан архитектура бюроси асосчилари Екатерина Головатюк ва Жакомо Кантони билан ҳамкорликда ишлаган.
Кўргазма ҳақида рассом Саодат Исмаилова шундай дейди: “Менинг кўргазмамнинг ўзбек тилидаги номи “Қўрғончироқ” деб номланади. Қўрғон -рус тилига таржима қилинишга муҳтож бўлмаган сўз бўлиб, кўпинча аждодларимизнинг қадимийлиги ва сирлари билан боғлиқдир. “Чироқ” – “нур” деб таржима қилинади, бироқ айни пайтда бу бизга зардуштийликдан ўтган маросимнинг номи. “Чироқ” маросимини ўтказар эканмиз, биз халқимизнинг жамоавий хотирасида яшовчи аждодларимиз, боболаримиз ва момоларимиз билан алоқани ифодаловчи шам ва чироқларни ёқамиз. Ва нурнинг бу тасвири мен учун жуда яқин, чунки, бир томондан, мен жамоавий хотира мавзуси билан ишлайман, бошқа томондан - мен видеорассомман ва санъатимнинг асосида ўша нур ётади”.
Тейт Модерн галереяси катта куратори, Qo'rg'on chiroq кўргазмаси куратори Андреа Лиссони: “Бундан ўн йил аввал Ўзбекистонда илк бор бўлганимдаёқ, бу ноёб ва ҳатто қимматбаҳо жой эканини дарҳол англадим. Бу мамлакатнинг илдизлари ўтмишга чуқур кириб боради: қадимги анъаналар бу ерда рус маданиятининг элементлари ва минг йиллар давомида чексиз чўллар ва чўлларда яшаган халқларнинг анъанавий урф-одатлари билан боғланган. Саодат Исмаилова бу дунёнинг ажойиб маданий элчиси бўлди. Европада ишлаб туриб, у нафақат ўз миллий шахсиятини сақлаб қолади, балки минтақанинг ривожланишига ҳам ёрдам беради. Саодат ўзининг туғилган ва ўсган ажойиб ҳудуди ҳақида ажойиб ҳикоялар айтиб бериш учун санъатнинг ўзгарувчан кучини ишлатади. Ушбу ноёб Марказни яратишда иштирок этган барча иштирокчиларни табриклайман. Ишончим комилки, у кўплаб одамларнинг, ҳам профессионаллар, ҳам санъат ихлосмандларининг эътиборини тортади. Барчангизга омад тилайман!”.
Замонавий санъат марказининг оммавий дастури Москванинг “Гараж” замонавий санъат музейи билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган мусиқа тарихи бўйича маърузаларни, 5-7 ёшдаги болалар учун маҳорат дарсларини ўз ичига олади. Бундан ташқари, марказда “Маурицио Каттелан: кетдим, тез орада бўламан” фильми (реж. Мара Аксельрод) билан очиладиган GarageScreenFilmFestival кинофестивали ўтказилади. Томошабинларга замонавий санъат ва унга алоқадор эстетик амалиётлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг турли стратегияларига бағишланган бадиий ва ҳужжатли фильмлар, жумладан, “Камбағал одамлар. Кабаковлар” (реж.Антон Желнов), “Манифесто” (рассом Жулиана Розенфельдтнинг лойиҳаси, унда актриса Кейт Бланшетт
ХХ асрнинг энг машҳур бадиий манифестларини камерага қараб ўқийди), “Баския: ҳақиқатнинг портлаши” (реж. Сара Драйвер), “Кусама. Чексиз оламлар” (реж. Хетер Ленц) тақдим этилади. Кинодастурни ретроспектив марказ мутахассислари томонидан тайёрланган ўзбек режиссёри Али Хамраевнинг фильмлари тўлдиради. Бундан ташқари, параллел дастур доирасида рассом Саодат Исмаилова, “Гараж” замонавий санъат музейининг директори Антон Белов, Тейт Модерн галереяси катта куратори Андреа Лиссони, GRACE меъморлик бюроси ҳаммуассиси Екатерина Головатюк ва бошқалар иштирок этадиган мунозаралар, нутқлар ва оммавий муҳокамалар серияси бўлиб ўтади.
“Гараж” замонавий санъат музейи директори Антон Белов: “Замонавий санъат маркази – Ўзбекистонда аввал мавжуд бўлмаган тузилмадир. Биз “Гараж” музейига экспертиза учун мурожаат қилинганидан ва шу орқали биз оммавий дастурнинг ҳамкорлари бўлдганимиздан жуда мамнунмиз. Ушбу дастур доирасида оммавий маърузалар, кино томошалари, болалар ва оилавий маҳорат дарслари бўлиб ўтади, шунингдек, Марказ майдончасида кутубхона фаолият кўрсатади. Барча тадбирлар бепул ва барча ёшдаги меҳмонлар таклиф этилади, маҳорат дарсларида эса нафақат болалар, балки ота-оналарнинг иштирокиҳам кутилмоқда. Ҳамма биргаликда ўз қўллари билан уларни замонавий санъат дунёсига яқинлаштирадиган ишларни яратадилар”.
Замонавий санъат маркази биноси
Саноат услубида қурилган ғиштли бинонинг реконструкциясидан сўнг унда Ўзбекистонда биринчи маротаба очиладиган Замонавий санъат маркази жойлашади. Ушбу бино 1912 йилда Туркистон ўлкасининг қурилиш ташкилоти бошлиғи, меъмор Вильгельм Гейнцельман томонидан бунёд этилган, бу бинодан ташқари ушбу меъморга Тошкент Реал билим юрти, Романовлар саройи, Тошкент астрономия обсерваторияси телескоп- рефрактор бинолари ҳам тегишли.
Инқилобгача бу ерда шаҳардаги биринчи трамвай тармоғи учун энергия ишлаб чиқарадиган дизел электр станцияси жойлашган эди. 2018-йилда Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси жойлашган бу бино Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигига топширилди.
Лойиҳа устида ишлаш ҳақида Миланнинг GRACE архитектура бюроси ҳаммуассиси Екатерина Головатюк ҳам ўз таассуротлари тўғрисида қуйидагича фикр билдирди:
“Ҳар бир мамлакат учун замонавий санъат, замонавий макон, замонавий архитектура билан ишлаш жуда муҳимдир. Бу бино, архитектура объекти сифатида, замонавий санъат билан аъло даражадамос келади деб хисблайман. Бу ерда анъанавий санъат шакллари, расмлар, инсталляцияларнингнамойишларига мослаштириш мумкин бўлган яхши муҳит, тўғри пропорциялар, улкан майдон мавжуд. Марказни очиш дастури ранг-баранг, қизиқарли ва турли тадбирларга бой. Шаҳар маконида бундай марказларнинг пайдо бўлиши кўплаб одамларни, ҳатто илгари санъат дунёсига алоқадор бўлмаганларни ҳам тўлқинлантиради, уларда қизиқиш уйғотади, ўзи учун янги дунёни кашф этишга ундайди”.
Матбуот анжумани ва савол-жавоб сессиясидан сўнг, Саодат Исмаилова, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун кўргазма бўйлаб махсус экскурсия уюштирди. Ҳар бир иш ҳақида Саодат муҳаббат билан ва Ватанга муҳаббат ҳисси билан гапириб берди, ўтмишда эшитган афсоналари ва ривоятлари, ота-боболари унга топширган маросимлар, уни бугунги кунда видео инсталляциялар яратишга илҳомлантириши ҳақида гапирди. Кўргазма 1 июнгача давом этади ва барча меҳмонларга очиқ бўлади.