Достоннинг барча парчаларида ижро этилган Марказий Осиё мамлакатлари миллий чолғуларининг мафтункор товушлари, бетакрор куйлари, туркий тилларнинг ранг-баранглиги ва албатта, саҳнада чиқишларни уйғунлаштирган ажойиб, кенг кўламли, батафсил видеоёзувлар -томошабинни бефарқ қолдирмади. Икки кун ҳам спектакл якунлангач, бадиий раҳбар Саодат Исмаиловани ва мусиқачиларни олқишлаб, “Яшасин!” деб хитоб қилишиб, саҳнадан узоқ вақт қўйиб юборишмади.
Спектакл ҳақида маълумот:
Ўзбек режиссёри ва видео-рассом Саодат Исмаилованинг Тошкентда бўлиб ўтган “Қирқ қиз ( мусиқий спектаклининг намойиши Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Замонавий санъат маркази тақдимоти лойиҳаси доирасида ташкил этилди. “Қирқ қиз” эпоси (достони) қаҳрамони – қорақалпоқ халқининг бадиий қиёфасидир. Спектаклда Марказий Осиё вокал санъатининг мумтоз мактаблари: Ўзбекистон тановари, достонлар, жиров ва Қорақалпоғистон, Қозоғистон, Қирғизистоннинг узоқ айтиладиган қўшиқларини намойиш этувчи кўплаб халқ чолғулари янграйди. “Қирқ қиз” – бу режиссёрнинг Марказий Осиё аёл овозларининг турли хилдаги вокал ва мусиқий кучини ҳамда бойлигини бирлаштиришга, шунингдек, томошабинга халқ афсоналари, достонлари ва мусиқий асарларида сақланиб қолган минтақавий яхлитликни кўрсатишга уринишидир. Спектакл аввал, Нью-Йоркда БАМ (Brooklyn Academy of Music) театрида ва Парижда Клод Леви-Стросс театри саҳнасида, Жак Ширак Фондининг Бранли қирғоғидаги Музейида намойиш этилган.