Навоий номидаги Давлат Академик Катта Театрида матбуот анжумани

O‘qish vaqti: 3 min.

Бугун Навоий номидаги Давлат Академик Катта Театрининг мажлислар залида Саодат Исмаилованинг "Қирқ қиз" мусиқий спектаклининг премерасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Спектакл намойиши Замонавий санъат Марказининг тақдимот лойиҳасига бағишланган бўлиб, А. Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида 16 ва 17 апрел кунлари намойиш этилади.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот чоғида спектаклни ташкил этиш ҳақида “Қирқ қиз” спектаклининг бадиий раҳбари Саодат Исмаилова, “Қирқ қиз” спектаклининг продюсери, AgaKhanTrustforCulture (AKMI) катта маслаҳатчиси Теодор Левин,  Фонд дастурини амалга ошириш ва стратегик ривожлантириш Бошқармаси бошлиғи Тимур Камалов гапириб ўтдилар.

Саодат Исмаилова: “Спектаклда Марказий Осиё мусиқий хилма-хиллигининг катта тўплами намойиш этилмоқда. Мен Тошкентда замонавий санъат аренаси пайдо бўлишидан хурсандман ва аста-секин унга кўпроқ қизиқиш уйғонади, деб ишонаман. Ҳар қандай замонавий давлатда замонавий санъат учун жой бўлиши керак. Умид қиламанки, томошабинларимиз спектаклдан сўнг ўз тарихи ва маданияти билан фахрланишади, уларни қадрлашади.”

Теодор Левин: “1977 йилда Ўзбекистонга илк бор “Шашмақом” куйи билан танишиш мақсадида ташриф буюрган эдим, ўша даврда кўп бўлмаган хорижликлардан бири сифатида Тошкент консерваториясида ўқиб, “Шашмақом” ҳақида илмий иш ёздим ва ўшандан бери бу мамлакатга, маданият ва мусиқага муҳаббат қўйдим”. Чет элда АҚШ, Германия ва Францияда бўлиб ўтган “Қирқ қиз” мусиқий спектаклининг премераси катта қизиқиш билан кутиб олинди. Лойиҳа иштирокчиси сифатида Марказий Осиёнинг анъанавий мусиқа маданиятини қайта тиклаш ва асраб-авайлаш ишимизнинг мақсади эканини айтмоқчиман. “Қирқ қиз” ни саҳнада намойиш этиш - ишимизнинг йўналишларидан биридир.

Тимур Камалов: “Спектакль АҚШ, Франция ва Германияда намойиш этилиб, кўплаб яхши тақризлар олди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томошабинларимиз учун спектакль намойишини ташкил этишга муваффақ бўлганидан мамнунмиз”.

Эслатиб ўтамиз, “Қирқ қиз” мусиқий спектакли А. Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида 16 ва 17 апрел кунлари намойиш этилади.