2018 йил 11 июнда Тошкентда “Ижодий саноатни бошқариш” ёзги мактаби очилди.
Ёзги мактаб Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилди.
Ёзги мактаб ижодий соҳада назарий ва амалий билимлар асосларини шакллантиришга қаратилган лойиҳадир.
Дастур маданият муассасалари ва ижодий саноатнинг бошқа соҳаларини бошқаришнинг иқтисодий, ташкилий ва профессионал жиҳатларини ўз ичига олади ва санъатда маркетинг, музейлар, театрлар, кино саноати, шунингдек, туризм соҳасида менежмент каби масалаларни қамраб олади.
Ёзги мактабда ИИВ, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари таълим олди.
"Ижодий саноатни бошқариш" ёзги мактабининг дастури "Гараж" замонавий санъат музейи (Москва) иштирокида ташкил этилган. Мактаб ўқитувчилари орасида-музей директори Антон Белов, ривожлантириш, маркетинг ва реклама директори Дарья Котова, реконструкция қилиш ва ривожлантириш лойиҳаси бўйича директор ўринбосари Анна Трапкова, куратор Екатерина Лазарева, сақловчи Алеся Веремьева, жамоатчилик билан алоқалар бўлими координатори Ален Соловьёв бор эди.
Ёзги мактабда курсларни олий ўқув юртлари ўқитувчилари, таклиф этилган мутахассислар, тадбиркорлар, маданият ва санъат намоёндалари ўқиб бердилар.
Ёзги мактаб доирасида "Фоcус" санъат мактаби негизида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг маҳорат дарслари ҳамда кўнгиллилар дастури тақдимоти бўлиб ўтди.
Дастурнинг мақсади ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга, маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга, ижодий саноатни бошқариш соҳасида профессионал кўникмаларга эга бўлишга кўмаклашадиган кўнгилли ташаббусларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.
Хусусан, дастур тингловчиларни ижодий тадбиркорлик тушунчаси, музейларни ривожлантириш ва фаолиятининг замонавий моделлари билан таништирди. Курс маданият ва санъат соҳасидаги менежмент асослари ва уларнинг кенг жамоатчилик контекстида жойлашишига бағишланди.
Шунингдек, ижодий соҳа менежерининг профессионал вазифалари – бозор иштирокчилари билан ўзаро алоқалар, хавф ва имкониятларни баҳолаш, шунингдек, бозорни тарғиб қилиш ва ресурсларни жалб қилиш учун маркетинг стратегияларига алоҳида эътибор қаратилди.
"Ижодий саноатни бошқариш" ёзги мактабида ўқиш бепул ўтказилди. Курс якунида барча иштирокчиларга сертификат берилди.