31январь куни Тошкентда Лувр музейида 2021 йилда бўлиб ўтадиган "Ипак йўлидаги цивилизация ва маданият" кўргазмасига тайёргарлик кўриш бўйича I халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбир ташкилотчиси - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси. Тақдимотда Франциянинг Лувр музейи, Франция музейларини тадқиқ этиш ва реставрация маркази экспертлари ҳамда Ўзбекистон маданият муассасалари вакиллари иштирок этдилар.
Сўзга чиққан маҳаллий ва хорижий экспертлар Луврда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон маданий меросининг бўлажак экспозицияси Буюк ипак йўли харитасида Ўзбекистоннинг тарихий, маданий, сиёсий ва диний мазмундаги ўрни ва аҳамиятини намойиш этиш имконини беришини таъкидладилар. Кўргазма Ўзбекистоннинг бой мероси, ўтмиши ва замонавий ўзига хослиги билан ажралиб туради, бу эса мамлакатни, унинг тарихини, маданиятини, урф-одатларини яхшироқ тушуниш имконини беради. Кўргазмада республиканинг чегараларидан чиқмаган музей хазиналари намойиш этилади. 200 дан ортиқ экспонатлар рўйхати тузилди, уларнинг учдан бири Францияга олиб борилади.
Виолен де Вилмор, Франциянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси:
- Ўтган йил октябр ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парижга ташрифи чоғида имзолаган келишуви бўйича Лувр шаҳрида бўлиб ўтадиган мазкур кўргазма, Франция ва халқаро ҳамжамиятга мамлакатингизнинг тарихий ва маданий мероси бойлигини кашф этиш имконини беради. Ҳар йили музей 10 миллионга яқин меҳмонни қабул қилади, улар Ўзбекистоннинг буддист ва юнон-македон давридан бошлаб Ислом маърифат даврининг Эрта Уйғониш ва Темурийлар даври бошлангунга қадар бўлган етук асарларини кўришлари мумкин. Экспозиция 30 йилдан зиёд вақт мобайнида самарали фаолият олиб бораётган француз-ўзбек маданий ва археологик миссияларининг натижаларини тақдим этади, бу борада, айниқса, лойиҳанинг ташаббускори бўлган ва 2011 йилдан буён ўзбек мутахассислари билан ҳамкорлик қилган археолог Роccо Рантени таъкидлаб ўтишни истардим.
Гаяне Умерова, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори ўринбосари:
- Кўргазмага тайёргарликда Лувр музейининг етакчи экспертлари, шунингдек, Ўзбекистон Фанлар Академияси санъатшунослик институти олимлари иштирок этмоқда. Ўтган йили Лувр музейи мутахассислари томонидан экспонатлар ҳолати таҳлил қилинди. Улардан баъзилари тикланганидан сўнг, уни кенг жамоатчиликка тақдим этиш мумкин бўлади. Ўтган йилнинг декабр ойида Жамғарма ва Франция музейларини тиклаш маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ўзбекистонда реставрация марказини ташкил этиш, музей ашёлари ва археологик топилмаларнинг сақланишини таъминлаш ишлари бошланган.
Шоазим Миноваров, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази директори:
- Ўзбекистон кўплаб мамлакатлар, жумладан, Франция билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мен маданият ва француз тилини ўрганиш соҳасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга қаратилган Тошкент-Франция иттифоқини тақдим этаман. Жамғарма ва Маданият вазирлигининг фаол иштирокида француз маданият маркази ташкил этилади. Тасаввур қилинг-а, "Ипак йўлидаги цивилизация ва маданият" лойиҳаси орқали бутун дунёдан неча киши тарихимиз ҳақида билиб олади. Давлатимиз раҳбари Францияга ташрифи чоғида айнан шу ойна, Ўзбекистоннинг маданияти ва тарихи билан Лувр меҳмонлари танишиш имконига эга бўладиган кенг эшик ҳам эканини айтган.
Яник Линц, Лувр музейи Ислом санъати бўлими директори (Франция):
- Келгуси экспозиция ҳақли равишда ажойиб воқеа. Биз Луврда ҳеч қачон намойиш этилмаган нарсаларни - Ипак йўлининг меросини намойиш этмоқчимиз. Музейимизда катта кўргазма майдонлари мавжуд бўлиб, бугунги кунда тайёрланаётган кўргазма учун 1 200 квадрат метр берилади. Унинг очилишидан олдин қийин бўлган иш бор. Сизнинг мутахассисларингиз билан биргаликда уларни ташиш учун консервация қиламиз. Кейинги ҳафтадан бошлаб француз ва ўзбек мутахассисларидан иборат биринчи илмий қўмита иш бошлайди. Бир гуруҳ олимлар тадқиқот натижаларини илмий мақолаларда нашр этадиган тадқиқотлар ўтказадилар.
Мишель Миню, Франция музейларини тадқиқ этиш ва реставрация қилиш маркази бошлиғи:
- Ўтган йилнинг декабр ойида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Лувр музейи билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ҳужжатнинг мақсади Ўзбекистон ихтиёрида бўлган асарларни таҳлил қилиш, тушуниш ва талқин қилиш соҳасидаги илмий ҳамкорликни, шунингдек уларни сақлаш ва тиклаш билан боғлиқ масалаларни илгари суришдан иборат. Ҳамкорлик талабалар алмашинуви, ишчи учрашувлар ўтказиш, реставраторларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни назарда тутади. Ўзбекистон ва бошқа минтақаларнинг экспонатлари олимларга Марказий Осиё мамлакатлари маданий қатламларининг хусусиятларини, уларнинг улкан қадр-қимматини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Меҳмонлар нутқидан сўнг барча иштирокчиларга кўргазмага тайёргарлик ишларига бағишланган видео-тақдимот намойиш этилди. Видеода Ўзбекистон бўйлаб турли музейларда сақланаётган қимматбаҳо экспонатлар ва топилмалар намойиш этилди.
Конференцияда, шунингдек, етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволлар бериб, меҳмонлардан интервью олишди. Рокко Ранте матбуот анжуманида, Лувр музейи Ислом санъати бўлими археологи ва Бухородаги француз-ўзбек археологик миссиясининг қўшма директори шундай деди: “Бўлажак лойиҳа амбицион ва жуда муҳимдир. Биз бу ишга дахлдор бўлишдан, ўзбек ҳамкасблари билан ишлашдан бахтлимиз ва, албатта, мутахассисларимиз билан биргаликда Фондга ёрдам берамиз. Кейинги ярим йил мобайнида биз экспонатларнинг якуний рўйхатини аниқлаймиз. Олдинда 2,5 йиллик илмий ва тадқиқот ишлари бор. Ва охирги олти ой нашрлар билан ишлашга бағишланади. Биз бутун дунё учун кўргазманинг аҳамиятини акс эттирадиган каталогни яратишни режалаштирмоқдамиз. Ўзбекистон ноёб эканига ишонамиз. Унинг ҳудудида Ипак йўлида ривожланган турли хил маданиятлар мавжуд бўлган. Шунинг учун мен бутун дунёга бу турли хил маданиятларни кўрсатишни хоҳлайман ва бу Луврда содир бўлишидан фахрланаман".
Муҳокамаларда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистоннинг 12 та маданият муассасалари вакиллари ҳам фаол иштирок этдилар. Улар орасида: Самарқанд давлат тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси; Самарқанд "Афросиёб" тарихий музейи; Ғуломов номидаги археологик тадқиқотлар институти; Бухоро давлат бадиий-меъморий музей-қўриқхонаси; Термиз археология музейи; Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси санъатшунослик институти; Давлат санъат музейи; Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги музейи; Ўзбекистон давлат тарих музейи; Абу Райҳон Ал-Беруний номидаги шарқшунослик институти; Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги муқаддас Қуръон музейи ва "Мўйимуборак" мадрасаси; Фанлар академияси Қорақалпоғистон филиалининг тарих, археология ва этнография институти бор.
Конференцияда илмий тақдимотлар билан:
- Рокко Ранте, Лувр музейи Ислом санъати бўлими археологи ва Бухородаги француз-ўзбек археологик миссияси ҳамраис директори. “Ипак йўлидаги цивилизация ва маданият" кўргазмасига тайёргарлик кўриш учун экспонатларни тиклаш” мавзусидаги тақдимот.
- Паскаль Перинэль, Лувр музейининг кўргазма бўлими бошлиғи. “Кўргазма экспозицияларини Лувр музейига кўчириш жараёни: суғурта, қадоқлаш, ташиш” мавзусидаги тақдимот.
- Мишель Миню, Франция музейларини тадқиқ қилиш ва тиклаш марказининг тадқиқот бўлими бошлиғи. “Франция музейларини тадқиқ этиш ва реставрация қилиш маркази” мавзусидаги тақдимот.
- Винцент Деталь, Франция музейларини тадқиқ этиш ва реставрация қилиш марказининг мобил лабораторияси бошлиғи. “Мобил лаборатория ва лазер спектроскопияси - маданий меросни ўрганишнинг янги усули” мавзусидаги тақдимот.