“Янги Ипак йўлидаги санъат”халқаро кўргазмаси

O‘qish vaqti: 7 min.

12 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган "Янги Ипак йўлидаги санъат" халқаро кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кўргазма "Янги Ипак йўлидаги мовий контейнер" лойиҳаси доирасида амалга оширилди ва ўн кун давомида Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида фаолият кўрсатди.

Ипак йўлида жойлашган мамлакат халқаро алоқа платформасига тез айланмоқда.  Тошкент "Янги Ипак йўлидаги мовий контейнер" маданий-иқтисодий алмашинув лойиҳасининг биринчи бекати бўлди.  Бу лойиҳанинг мақсади одамларни бирлаштиришдир. "Мовий контейнер" - бу Европани Хитой билан боғлайдиган маршрутлар бўйлаб мулоқот қилиш учун платформа.

"Янги Ипак йўлидаги санъат" халқаро кўргазмаси Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳамда санъат ва дизайн соҳасида немис-хитой маданий алмашинуви бирлашмаси (DCKD, Германия) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий Академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Кўргазманинг расмий очилиш маросимида Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Гунтер Оверфелд сўзга чиқди. У ўзи туғилган Дуйсбург шаҳрида бошланган лойиҳада иштирок этаётганидан хурсанд эканлигини айтди. У ўз нутқида шуни таъкидлади: "Ўзбекистон қадимий Ипак йўлининг марказида бўлиб, минг йиллар давомида Осиё ва Европа ўртасида савдо ва маданий алмашинувни амалга ошириб келмоқда. “Ғоя: бир поезд-бир йўл” мамлакатлар ўртасида алоқа ўрнатади ва шу билан Ипак йўлида жойлашган мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиши ва маданий алмашинувини қўллаб-қувватлайди. Мен маданият ва санъатни алмашмасдан одамлар ўртасида тушуниш ва мулоқот қилиш мумкин эмаслигига ишонаман. Хитойнинг қадимги файласуфи Лу Сюнь: “Дунё фақат одамлар ўртасида чегара бўлмаса, мукаммал бўлади”,- деб таъкидлаган. Бундай ҳолда, фақат бир-бирига ғамхўрлик билдириш бўлар эди. Менимча, одамлар ўртасидаги чегараларни енгиб ўтишнинг энг яхши ва энг аниқ усули - бу санъат ва маданият йўлидир. Шунинг учун "Мовий контейнер" лойиҳаси доирасида ўтказиладиган барча кўргазмаларга катта муваффақият тилайман.”  

Шунингдек, Санъат ва дизайн бўйича немис-хитой маданият алмашинуви ассоциацияси раиси Цзянь Го ҳам нутқ сўзлади:

“Ўзбекистон, Германия ва Хитой билан бир қаторда, лойиҳанинг энг муҳим уч давлати таркибидадир. Мамлакатингиз раҳбарияти зийрак бўлгани туфайли маданият соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маданият орқали биз ҳамкорликнинг бошқа соҳаларида, яъни маданий алмашинув орқали ҳам иқтисодий алмашувларга келишишимиз тайин, бу эса, ўз ўрнида муҳим аҳамиятга эга. Шундай қилиб, биз Буюк ипак йўлининг моделига қайтамиз.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдухакимов ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади: "Ипак йўлининг аҳамияти беқиёс, замонавий Ўзбекистон ҳудудида яшовчи халқлар доимо мулоқотга очиқ эдилар. Бу маданий бойликка ва кўплаб савдо алоқаларига ёрдам берарди. Шу боис, мамлакатларимиз ўртасида чуқур маданий ва иқтисодий алоқаларни тиклаш ва ривожлантириш, Ипак йўлини тиклаш учун янги туртки яратиш орқали биз нафақат мамлакатимиз, балки барча лойиҳа иштирокчилари учун янги имкониятлар очмоқдамиз".

DCKD ва унинг ҳамкорлари 2018 йил июнь ойида Дуйсбург шаҳридаги очилиш маросимида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам худди шундай резонансни кутишмоқда. Унда 10 кун ичида кўргазмага 20.000 дан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрган. Тошкентда Дуйсбургда бўлиб ўтган кўргазма элементлари ҳам намойиш этилади. Экспозийияда ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган Дуньхуаннинг ғарбий-хитой қоятош расмлари, шунингдек, турли Хитой санъат академияларининг замонавий тушли расмлари тақдим этилган. Кўргазманинг бир қисми замонавий санъатга яъни фоторассомлар Корина Герц ва Ульрике Мёшель асарларига бағишланган. Экспозицияда таниқли рассом Катарина Зивердинг асарлари янги ҳисобланади. Ўзбекистондан замонавий рассомларнинг 60 та асари тақдим этилган.

Шунингдек, бир кун олдин бўлиб ўтган матбуот анжуманида иштирокчилар фикр алмашдилар ва яқин лойиҳаларни муҳокама қилдилар.

Улардан бири Дуньхуан академиясининг ижрочи директори доктор Жао Шеньлиан бўлиб, у ўз нутқида шундай деди: “Бизнинг университетимизда биз тарихий ёдгорликларни сақлаш бўйича мутахассисларни тарбиялаймиз ва бизни Ипак йўли мамлакатларидаги шунга ўҳшаш қадимги экспонатлар жуда қизиқтиради. Мисол учун, бизда Қирғизистон, Ҳиндистон мутахассислари таълим олишди. Шунинг учун биз ушбу минтақа мамлакатлари билан санъат йўналиши бўйича ҳамкорлик қилишга умид қиламиз. Маълумки, мамлакатингизнинг Самарқанд, Хива каби шаҳарларида кўплаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Айнан Дуньхуан ва Самарқанд Буюк Ипак йўлининг шаклланишида муҳим рол ўйнаган".

Тушликдан сўнг Ўзбекистон Бадиий Академияси Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтган "Янги Ипак йўлидаги санъат" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси лойиҳалари менежери Шахноза Ишматова ҳам ўз маърузалари билан иштирок этди. У ўз нутқида жамғарманинг Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантиришдаги ролини таъкидлаб ўтди: “Бугунги кунда жамғарма томонидан мамлакатнинг маданий мероси ва салоҳиятини жаҳон миқёсида намойиш этиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, фонд 2019-2022-йилларда Германия, Хитой, Россия ва АҚШда бир қатор кўргазмалар ўтказиши режалаштирилган. Хусусан, Хитой миллий музейи (Пекин), тарихдан илгариги давр ва эрта тарих музейи (Берлин), "Гараж" замонавий санъат музейидаги ҳамкасблар билан бир неча кўргазма фаолияти режалаштирилган".

Маданий ва иқтисодий поезд "Мовий контейнер"нинг Германияга қайтишидан олдин, Остонада (Қозоғистон) ва Пекинда (Хитой) тўхтайди. Орқага қайтишда Пирей (Греция) шаҳрида тўхташ имконияти кўриб чиқилади. Кейинги йилда якуний тўхташ жойи Дюссельдорф бўлади. Барча йўналишлар бўйича Германиядан Хитойга ва орқа томонга учта контейнер Ўзбекистоннинг тасвир рекламаси билан безатилади.

Fotosuratlar